“Барселона”, “Милан”, “ПСЖ”, “Манчестер Юнайтед” ва Швеция терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Златан Ибрагимович Украина вакили Олександр Усик билан жанги олдидан британиялик боксчи Тайсон Фьюрига мурожаат қилди.
“Умид қиламанки, сен ажойиб машғулот ўтказдинг.Кўринишинг ажойиб. Жангдан завқланинг — ишончим комилки, сен доим бажаришга ўрганган ишингни қиласан. Сен тарих яратасан. Сенга доим ўзинг каби бўлишни ва бизни хурсанд қилишингни сўрайман. Ҳар доимгидек ғалаба қозон. Биз эса завқ билан томоша қиламиз. Ўзингни асра”, — деб ёзди Ибрагимович ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, 42 ёшли Ибрагимович 2023 йилнинг ёзида фаолиятини якунлашини эълон қилган эди. 1999 йилда бошланган профессионал фаолияти давомида футболчи “Малмё”, “Аякс”, “Ювентус”, “Интер”, “Барселона”, “ПСЖ”, “Манчестер Юнайтед”, “Лос-Анжелес Гэлакси” ва “Милан” клубларида ўйнаган.
Златан клублардаги професионал фаолияти давомида 637 учрашувда қатнашиб 405 бора рақиблар дарвозасига йўл топган.
Фьюри ва Усик ўртасидаги жанг 18 май куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)