Мексикада рекорд даражадаги жазирама туфайли бир ҳафта ичида камида 27 киши вафот этди. Бу ҳақда El Universal нашри хабар берди.
Аномал юқори ҳарорат оқибатида асосан Сан-Луис-Потоси штатида ўлим ҳолатлари кузатилган. У ерда 15 киши ҳалок бўлган, шифокорлар уларнинг барчасида иссиқлик уриши аломатларини аниқлаган.
Таъкидланишича, айнан Сан-Луис-Потосида энг юқори ҳарорат кузатилган, Валлес шаҳрида ҳарорат 48 даражага етган. Идалго штатида эса расмийлар жазирама таъсиридан вафот этган беш кишининг ўлим сабабларини ўрганмоқда.
Оахака штатининг худди шу номдаги шаҳрида маҳаллий ҳокимият 40 даражагача кўтарилган юқори ҳарорат туфайли камида икки киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
Май ойи бошида Мексикада жуда юқори ҳарорат кузатилди. Пойтахт Мехико шаҳрида бир неча тарихий ҳарорат рекордлари кетма-кет янгиланган. Иссиқлик мамлакат электр тармоғига босимни ошириб, бутун мамлакат бўйлаб электр таъминотида узилишлар кузатилган.
Изоҳ (0)