Олимлар 2024 йилда рекорд даражада жазирама бўлишидан огоҳлантирди, деб ёзмоқда Bloomberg.
Маълумотларга кўра, 2023 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлди. Бироқ 2024 йил барча рекордларни янгилаши мумкин.
“Ҳароратнинг ошиши Эл-Нинё феномени билан боғлиқ бўлади. Бу Тинч океанининг экваториал сув юзасидаги ҳарорат ўзгариши билан боғлиқ исиш”, — дея таъкидлади экспертлар.
2023 йилдаги Эл-Нинё оқибатларидан бири Марказий Америкадаги қуруқ об-ҳаво бўлди — бу Панама каналини тўлдирадиган асосий кўл Гатуннининг қуриб кетишига олиб келди.
Натижада каналдаги сув сатҳи пасайиб, унинг ўтказувчанлиги жиддий равишда пасайди.
Бутунжаҳон метеорология ташкилотига (WМО) раҳбарлик қилувчи метеоролог Петтери Таалас 2024 йил аввалгисидан ҳам “иссиқроқ” бўлишини таъкидламоқда. Бундан ташқари, у қурғоқчилик ёки сув тошқини каби экстремал ҳодисаларнинг кучайишини қўшимча қилди.
Аввалроқ 2023 йил охирги саксон йилликдаги энг иссиқ йил деб тан олингани хабар қилинганди.
Бутун дунё бўйлаб ҳароратнинг бу тарзда кўтарилиши сайёрани олимлар бир неча йиллардан бери огоҳлантириб келаётган иқлим ўзгаришига хавфли даражада яқинлаштирмоқда. Кейинчалик исиш бўронлар, қурғоқчилик, тошқинлар ва ўрмон ёнғинлари каби экстремал об-ҳаво ҳодисаларига олиб келади.
Аномал иссиқликдан ташқари, ерликлар магнит бўронлари тўлқинига дуч келади. 2024 йилда Қуёш фаоллигининг энг юқори чўққисига чиқади. Россиялик олим Сергей Богачевнинг фикрича, бунинг оқибатида Ерда ҳар ойда бир неча марта содир бўладиган магнит бўронлари келиб чиқади.
Изоҳ (0)