Россия Федерал хавфсизлик хизмати 3 май куни мамлакат ҳудудида терактлар уюштиришни режалаштирган украиналик диверсантни йўқ қилган. Бу ҳақда The Moscow Times нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, террорчиликда гумонланган эркак Москва атрофларида камида 3 та терактни амалга оширишни режалаштирган. Хавфсизлик хизматлари бундан хабар топиб, бутун мамлакатда унга нисбатан қидирув эълон қилган.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати хабарига кўра, эркак Россия ҳарбий ва энергетика объектларига ҳужум қилишни режалаштирган.
“Диверсант Украина Мудофаа вазирлигининг буйруғи билан Россия ҳудудида, жумладан, Россия Мудофаа вазирлиги объектларида терактлар уюштиришни режа қилган. Кўнгиллилар батальони ва унинг Санкт-Петербургдаги маркази ходимларига қарши бир қатор террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга ҳаракат қилган”, — дейилади расмий хабарда.
Гумон қилинаётган агент Литва шарқидаги Пабраде шаҳрида қурол ва портловчи моддалар бўйича тайёргарликдан ўтгач, март ойида Россия ҳудудига кириб келгани айтилган. Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари уни дастлаб Москва вилоятида ҳибсга олишга ҳаракат қилишган, бироқ у қочишга муваффақ бўлган. Кейинчалик эркак Ленинград вилоятида аниқланиб, яширин сақлаш жойидан қурол олишга уринаётганда ўлдирилган.
Махсус хизматлар ўлдирилган агентнинг шахсини ошкор қилмаган. Ҳодиса юзасидан қўшимча суриштирув олиб борилаётгани хабар қилинган.
Изоҳ (0)