Россия ҳукумати 24 апрель куни Афғонистон шимолига ўзининг йирик гуманитар ёрдам карвонини жўнатган. Бу ҳақда Sputnik Afghanistan нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Россиянинг Кобулдаги элчиси Дмитрий Жирнов 27 апрель, шанба куни Афғонистон шимолига 536 тонна витамин билан бойитилган ундан иборат йирик инсонпарварлик ёрдами етказилганини маълум қилган. Элчи, шунингдек, унинг мамлакати Афғонистон учун доимий донор бўлиб келганини билдирган.
Россия вакили айтишича, Москва Кобулга инсонпарварлик ёрдамини давом эттиради. Афғонистон шимолидаги оч аҳолига ёрдам бериш учун мунтазам саъй-ҳаракатлар амалга оширилади.
Москванинг Афғонистонга ёрдам пакети 33 тонна озиқ-овқатни ҳам ўз ичига олгани хабар берилган. Кейинги жўнатмаларда бу миқдор ошиши айтилган.
Маълумот ўрнида, БМТ ва қатор гуманитар ёрдам ташкилотлари Афғонистонда қашшоқликнинг давом этиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Халқаро ҳамжамиятни бу борада зарур чоралар кўришга, ёрдамни кўпайтиришга чақирган.
Изоҳ (0)