Қозоғистон ҳукумати “Толибон” ҳукумати учун рақамли бошқарувни йўлга қўйишда ёрдам бериш ва афғон мактабларини интернетга улашга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Ufuq News нашри хабар берди.
Унга кўра, “Толибон” Саноат ва савдо вазирлиги 26 апрель куни Туркманистон ва Қозоғистон расмийлари билан Кобулда учрашув ўтказган. Унда бир қанча иқтисодий ва маданий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Қозоғистон бош вазир ўринбосари Серик Жумангарин Афғонистон ҳукуматини рақамлаштиришда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган.
Шунингдек, у Қозоғистон афғон мактабларини интернетга улаш ва барча болалар учун таълим олиш имкониятини таъминлашда ҳамкорлик қилишини билдирган.
“Толибон”нинг Саноат ва савдо вазирлиги учрашувда Шимолий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлаш, транзит ва транспорт харажатларини камайтириш муҳокама қилинганини айтган.
“Биз афғон ҳамкорларимиз билан ўз тажрибаларимизни баҳам кўришга тайёрмиз”, — деган Қозоғистон вакили учрашувда.
Изоҳ (0)