Буюк Британия қироли Чарльз III келаси ҳафтадан давлат вазифаларини давом эттиришга киришади. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Буюк Британия қиролининг “даволаниш ва соғайиш даври” якунланган. Эндиликда у ўзининг вазифаларини бекам-у кўст адо эта олади. Бу ҳақда Букингем саройидаги манбалар хабар берган.
Букингем саройи хабарига кўра, қирол сўнгги икки ой мобайнида саратон касаллигидан даволанаётган бўлган. Муолажалар яхши тугаб, Чарльз III га рухсат берилган.
Қирол Чарльз июнь ойи бошида Япония императори Нарухито ва унинг рафиқаси Масакони давлат ташрифи доирасида қабул қилиши эълон қилинган. Бу хабар ҳам давлат раҳбари нормал иш тартибига қайтаётганига бир ишора сифатида кўрилмоқда.
“Тож кийишнинг бир йиллиги яқинлашар экан, қирол жаноби олийлари ўтган йилдаги қувонч ва қийинчиликлар давомида дунёнинг турли бурчакларидан кўрсатилган кўплаб яхшиликлар ва эзгу тилаклар учун чуқур миннатдорлик билдирадилар”, — дейилади Букингем саройи баёнотида.
Сарой матбуот котибининг таъкидлашича, қирол даволанишни давом эттиради. Бироқ шифокорлар ҳозиргача эришилган ютуқлардан ҳам етарлича мамнун эканликларини маълум қилишган.
Изоҳ (0)