Миср расмийлари ўтган йилнинг октябрь ойида Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасида қуролли можаро бошланганидан бери Ғазо секторидан 80 мингдан ортиқ қочқинни қабул қилган. Бу ҳақда Фаластиннинг Қоҳирадаги элчиси Диаб ал-Луҳ баёнот берди.
“Миср ўтган йилнинг октябрь ойидан бери Ғазодан қочган 80 мингдан 100 минггача фаластинликни қабул қилди”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган Al Hadath телеканали.
Бундан уч ҳафта олдин, 4 апрель куни “Ал-Қоҳира ал-Ихбария” телеканали манбаларга таяниб, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можаро авж олгандан бери мисрлик шифокорлар 3706 нафар ярадор фаластинликни даволагани ҳақида хабар берган эди. Қурбонларни қабул қилишдан ташқари, Миср Фаластинга доимий ёрдам кўрсатмоқда. Манбаларга кўра, Ғазога кириб келаётган инсонпарварлик юкларининг 87 фоизи Миср ҳукумати ва турли жамоат ташкилотлари томонидан тўпланган ва жўнатилган.
27 февралдан бери Миср ҳарбий-ҳаво кучлари Иордания, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ ва Франция билан биргаликда Ғазога ҳар куни инсонпарварлик ёрдамларини юбориб келмоқда. Бундан ташқари, Ғазо секторига Мисрдан Рафаҳ назорат пункти орқали мунтазам ёрдам етказилади. Қоҳира Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли можаро бошланганидан бери бир кун ҳам ўтиш жойини ёпмаганини бир неча бор таъкидлаган.
Изоҳ (0)