“Ниҳол” мукофоти совриндори Феруза Жуманиёзованинг онаси Зуҳра Жуманиёзова 66 ёшида вафот этди.
Зуҳра Жуманиёзова 1958 йилда Хоразм вилоятида туғилган. Узоқ йиллар халфачилик йўналишидаги ёрқин ижоди, хотин-қизларнинг дард-у аламлари, дил исёнлари, муҳаббат ва садоқати ҳақидаги ижод намуналари билан Хоразм санъати ривожига ҳисса қўшган. Зуҳра она қизи Ферузанинг санъатдаги асосий устози, продюсери эди. Хонанда машҳур санъаткор бўлишида онасининг кўп меҳнати синггани ҳақида интервьюларида кўп таъкидларди.
“Ҳалигача эсимда, Тошкентга ойим билан автобуснинг бир ўриндиғида келганмиз. Ойимнинг олдида ҳарбий хизматдан келган аскар ўтирган, шунда ойим ундан: “Қизим сенинг олдингда ўтириб турса майлими”, — деб сўраган. Автобуснинг иккита ўриндиғидан жой сотиб олишга пулимиз бўлмаган. Ҳалиги бола хизматдан чарчаб келаётганини айтган. Шунақа қийинчиликлардан ўтганмиз.
Қийинчиликлар Тошкентга келганимдан кейин бошланди. Онамга: “Қизинг турмуш ўртоғим билан юрибди”, — деб туҳмат қилишган. Бу онамга қаттиқ таъсир қилган, — деган эди Феруза Жуманиёзова интервьюларидан бирида.
Изоҳ (0)