Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) Мадримов — Кроуфорд жанги ғолиби WBO йўналишининг вақтинчалик камарини қўлга киритишини маълум қилган эди.
Мадримов матбуот анжуманида иштирок этиш учун АҚШга йўл олгани ҳақида хабар берилган эди. Айнан шу анжуманда Мадримов — Кроуфорд жанги расман эълон қилинди. WBO камари учун кечадиган жанг 3 август куни Лос-Анжелес шаҳрида ўтказилади.
Ушбу жангда ғалаба қозонган боксчи WBA жаҳон чемпионлик камари ва WBO вақтинчалик жаҳон чемпионлик камари соҳибига айланади.
Маълумот учун ушбу вазн тоифасида WBO йўналиши чемпиони Себастьян Фундора ҳисобланади.
Қайд этиб ўтиш жоиз, ўтган йилнинг 30 июль куни Кроуфорд ҳамюрти Эррол Спенсни тўққизинчи раундда техник нокаутга учратиб, ярим ўрта вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпионига айланган эди.
Америкалик чемпион профессионал рингда ўтказган 40 та жангининг барчасида ғалаба қозонган. Ғалабаларининг 31 тасига нокаут орқали эришган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Мадримов 8 март оқшомида Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида россиялик Магомед Курбановни 5-раундда нокаутга учратиб, WBA камарини қўлга киритганди.
Изоҳ (0)