Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати кучли ёмғирлар пайтида турар жой биноларига етказилган зарар оқибатларини бартараф этиш учун тахминан 544,6 миллион доллар миқдорида маблағ сарфламоқчи.
Бу ҳақда Ғарб ОАВлари мамлакат бош вазири – Дубай амири Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум баёнотига таяниб хабар берди.
16 апрель куни БААда сўнгги 75 йилдаги энг кучли ёғингарчилик кузатилди, айниқса Дубай катта зарар кўрди. Кучли ёғингарчилик туфайли асосий магистраллар ва Дубай аэропортидаги учиш-қўниш йўлаги сув остида қолган. Ҳаммаси бўлиб 2 мингга яқин рейс кечиктирилган.
Ноқулай обҳаво сабабли Дубайда 50 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари қолиб кетгани аниқланганди.
Ҳамюртларни Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ масалаларни ўрнатилган тартибда ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Бош консулхонаси, Uzbekistan Airways ва Centrum Air авиакомпаниялари вакиллари Дубай халқаро аэропорти мутасаддилари билан учрашув ўтказди. Музокаралар якунида Centrum Air компанияси йўловчилари бўлган юртдошларни Uzbekistan Airways компанияси самолётида Ўзбекистонга жўнатиш тўғрисида келишиб олинган.
Изоҳ (0)