АҚШ Сенати Украина, Исроил ва Тайванга 95 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарорни маъқуллагани ҳақида хабар берилганди. Бугун 24 апрель куни АҚШ президенти Жо Байден мазкур қонун лойиҳасини имзолади.
Тўплам тўртта қонун лойиҳасини ўз ичига олади: Украина, Исроил ва Тайванга ёрдам бериш, шунингдек, TikTok’ни тақиқлаш ҳамда Россиянинг мусодара қилинган активларини сотишга рухсат берувчи REPO қонуни.
Қўшма Штатлар Исроилга ҳарбий, Ғазо секторига эса гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 26 миллиард доллар, Тайван ва Ҳинд-Тинч океани минтақасида хавфсизликни таъминлаш учун 8 миллиард доллар ажратмоқда.
Қонун лойиҳаси Сенат томонидан маъқулланганидан сўнг, Байден уни дарҳол имзолашга ваъда берганди.
“Мен бу қонун лойиҳаси столимга тушиши биланоқ имзо чекаман, кейин эса Америка халқига мурожаат қиламан. Шу ҳафта Украинага қурол ва жиҳозлар юборишни бошлашимиз учун мен буни зудлик билан қиламан. Буни зудлик билан қилиш керак: Россиянинг тинимсиз бомбардимонларига дуч келаётган Украина учун; Эрон томонидан мисли кўрилмаган ҳужумларга дуч келган Исроил учун; қочқинлар ва бутун дунё бўйлаб, шу жумладан Ғазо, Судан ва Гаитидаги можаролар ва табиий офатлардан жабрланганлар учун; ва Ҳинд-Тинч океани минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга интилган ҳамкорларимиз учун.
Мен лидерлар Шумер ва МакКоннеллга, шунингдек, ушбу қонун лойиҳаси учун овоз берган ҳар икки партия вакилларига миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу муҳим қонун мамлакатимиз ва дунёни хавфсизроқ қилади, чунки бизнинг дўстларимиз ҲАМАС каби террорчилар ва Путин каби золимлардан ўзларини ҳимоя қилишмоқда”, — деди Америка президенти.
Изоҳ (0)