Афғонистонда “Толибон” вакиллари томонидан ҳибсдаги хотин-қизларга нисбатан жинсий зўравонлик қилиш ҳолатлари юз берган. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти ҳисоботига асосланиб, Aamaj News нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, мамлакатнинг шимолий туманларида ҳибсга олинган 90 нафар аёлдан 16 таси “Толибон” вакиллари томонидан зўрланганидан сўнг ҳомиладор бўлиб қолган. Ҳибсдаги аёллар, асосан, Жузжон Фарёб ва Саманган ҳудудларидан бўлган.
Шунингдек, аёллардан тўрт нафари такрорий зўрланишдан кейин “Толибон” томонидан қатл этилган. Қатл сабаби маълум қилинмаган.
Олдинроқ АҚШ давлат департаменти бир қатор мамлакатларда, жумладан, Афғонистонда 2023 йилда инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги йиллик ҳисоботини эълон қилган эди. Унда Кобулнинг бу йўналишдаги хатти-ҳаракатлари қаттиқ танқид қилинади. Хусусан, ҳисоботда “Толибон” аъзоларининг 2023 йил 14 май куни маҳбус аёлларга қилган жинсий тажовузи қораланган.
Ҳисоботга кўра, Афғонистон шимолидаги “Толибон” ҳаракати аъзолари томонидан тез-тез содир этилаётган жинсий зўравонлик ҳолатлари туфайли ҳибсдаги аёллар ҳомиласини олдиришга мажбур бўлмоқда. “Толибон” расмийлари ҳам маҳкума аёлларнинг ҳомиласини учинчи ва бешинчи ойда олдиришни буюрган.
Манбада айтилишича, ўтган йили “Толибон” вакиллари томонидан зўрлаш ва кўп қон кетиши туфайли касал бўлиб қолган 48 нафар аёл Фарёб, Саманган ва Жузжон ҳудудларидаги марказий шифохоналарга олиб кетилган. АҚШ давлат департаменти, шунингдек, 2023 йилда Афғонистонда болаларнинг мажбуран турмушга берилиши, аёлларга нисбатан камситиш, соғлиқни сақлаш хизматидан фойдалана олмаслик ва номусга тегиш ҳолатлари ҳақида хабар берган.
Изоҳ (0)