АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп март ойида адвокатлик тўловлари учун 4,9 миллион доллар сарфлади. Бу ҳақда Трамп сайловолди кампаниясининг молиявий ҳисоботларига таяниб, Bloomberg хабар берди.
Маълум бўлишича, Трамп адвокатларга пул тўлаш учун ишлатадиган ҳисобварақларда 6,8 миллион доллар қолган. Ҳозирча у ўзининг юридик тўловларини Save America сиёсий ҳаракат қўмитаси ҳисобидан тўламоқда. 2023 йил январь ойидан бери Save America адвокатлик тўловлари учун 62 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.
Республикачилар миллий қўмитаси аллақачон Трампнинг суд харажатларини тўлашдан бош тортган, дея қўшимча қилган нашр.
Bloomberg Қўшма Штатларнинг собиқ раҳбари ўз донорларидан кўпроқ пул йиғишга ёки ўз бойлигидан фойдаланишга ҳаракат қилиши мумкинлигини айтган.
Трамп бир қанча ишларда, жумладан, Капитолийга бостириб кириш, махфий ҳужжатларни сақлаш ва молиявий ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланмоқда.
Шу йилнинг январь ойида Нью-Йоркдаги ҳакамлар ҳайъати Трамп уни таъқиб ва туҳматда айблаган ёзувчига 83,3 миллион доллар тўлаши ҳақида ҳукм чиқарган. Февраль ойида суд Трампни Trump Organization активларини фирибгарлик йўли билан баҳолашда айбдор деб топган ва фоизларни қўшган ҳолда тахминан 454 миллион доллар тўлашга мажбур қилган эди.
Изоҳ (0)