Исроилнинг 7 октябрдан буён Ғазога уюштирган ҳужумларида ҳалок бўлганлар сони 34 097 кишига етди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужумларда 76 980 киши яраланган. Охирги 24 соат ичида камида 48 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 79 киши жароҳат олган. Ҳалок бўлганлар сони анча юқори бўлиши мумкин, минглаб жасадлар Исроил зарбалари натижасида вайрон бўлган бинолар остида қолмоқда.
“Исроил босқинчи кучлари Ғазо секторида сўнгги 24 соат ичида оилаларга қарши бешта қирғинни амалга оширди, оқибатда 48 киши шаҳид бўлди ва 79 киши яраланди. Кўп одамлар ҳали ҳам вайроналар остида ва йўлларда қолмоқда, чунки қутқарувчилар уларга етиб бора олмаяпти”, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Исроил ҳарбийлари 21 апрель тунда Рафаҳга берган камида иккита авиазарбаси оқибатида бир оиладан 13 нафар бола ва икки аёл ҳалок бўлди.
“Исроилнинг Ғазодаги аҳоли зич жойлашган Рафаҳ шаҳридаги турар-жойга уюштирган зарбасидан даҳшатга тушдим, кўп бола ҳалок бўлди. Биз бу жангни зудлик билан тўхтатиб, можарога чек қўйишимиз керак”, — деди Буюк Британиянинг Ҳамдўстлик бўйича давлат котиби Тариқ Аҳмад.
Изоҳ (0)