Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент ва Бухоро вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда, маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи икки нафар шахс Оҳангарон туманидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган МЧЖга 30 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилган 96,6 гектар яйлов ер майдонини мансабдор танишлари орқали чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 70 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида маклерлар ушбу ноқонуний ишни Тошкент вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасида бўлим бошлиғи ўринбосари, шўба бошлиғи ҳамда бош мутахассис лавозимларида ишловчи 3 нафар шахс орқали ҳал қилмоқчи бўлгани аниқланиб, улар ҳам қўлга олинган.
Тошкент туманидаги МЧЖ раҳбари ҳамда ишчиси ўзаро тил бириктириб, муқаддам автотураргоҳ ва интенсив ёнғоқзор ташкил этиш учун, ушбу МЧЖга 9 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилган 50 сотих ер майдонининг 25 сотихини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Оҳангарон туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган шахс ўз онасига тегишли чорвачилик фермасига муқаддам 49 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилган 20 гектар ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш ва унинг 40 сотих қисмида қурилиш ишлари олиб бориш учун мансабдор танишлари орқали рухсат олиб бериш эвазига 100 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланган.
Бу йўналишда Бухоро вилоятида ҳам қонунбузилиши ҳолати аниқланган. Хусусан, Бухоро туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари муқаддам туман ҳокимининг тегишли қарори билан ушбу хўжаликка 49 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратиб берилган 5,3 гектар ер майдонини харидорга 95 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
- Аввалроқ Сирдарёда беш гектар ер майдонини 40 минг АҚШ долларига сотишга уринган опа-ука қўлга олинган эди.
- Апрель бошларида эса Навоийда 80 гектар ерни 1 миллиард сўмга сотишга уринган шахслар ушлангани,
- Самарқанд ва Фарғонада ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)