АҚШ президенти Жо Байден эронликлар Исроилга исталган кунда “жиддий ҳужум” билан таҳдид қилаётгани ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
АҚШ расмийларига кўра, Теҳрон 1 апрель куни Исроил томонидан Эроннинг Суриядаги консуллик биносига уюштирилган ҳужум ва бунинг оқибатида ҳалок бўлган Эроннинг юқори мартабали ҳарбий хизматчилари учун жавоб қайтара олади.
Улар Исроилга жиддий зарба бериш билан таҳдид қилмоқда. Нетаньяхуга айтганимдек, бизнинг Исроил хавфсизлигини Эрон таҳдидларидан ҳимоялаш бўйича содиқлигимиз қатъийдир. Биз Исроил хавфсизлигини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солиш ниятидамиз, — деди АҚШ президенти.
Консулликда ҳалок бўлганлар орасида Қудс кучларининг бригада генерали Муҳаммад Ризо Заҳидий бўлган. Унинг ўринбосари генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ҳам ҳалок бўлган.
Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий 10 апрель куни рамазон ойи тугаши муносабати билан қилган чиқишида Исроил Эрон консуллигига ҳужум қилгани учун жазоланишини айтган.
Ёвуз тузум бу борада хатога йўл қўйди, у жазосини олади. Ҳар қандай давлатдаги консуллик ва элчихоналар уларга тегишли бўлган мамлакат ҳудуди ҳисобланади. Улар бизнинг консулликка ҳужум қилганда, демак улар бизнинг ҳудудимизга ҳужум қилишган. Бу умумбашарий қонун, — таъкидлаган Хоманаий.
АҚШ давлат департаменти маълумотларига кўра, Энтони Блинкен Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант билан боғланиб, агар Эрон томонидан ҳужумга учраса, Вашингтон Исроилни қўллаб-қувватлашига ишонтирган.
Изоҳ (0)