Россия дронлари Украинанинг Харьков шаҳрига ҳужуми оқибатида бир кечада олти киши ҳалок бўлди, 10 киши яраланди, дея The Moscow Times хабар берди.
Харьков мэри Игор Терехов Telegram’даги постида худди шундай сондаги қурбонлар ва ярадорлар ҳақида хабар бериб, ҳужум шаҳар шимолидаги Шевченковский туманига қаратилганини қўшимча қилган.
Тереховнинг айтишича, ҳужум Эронда ишлаб чиқарилган дронлар томонидан амалга оширилган ва камида тўққизта кўп қаватли уй, учта ётоқхона ва битта ёнилғи қуйиш шохобчасига зарба берган.
Полиция ўлимни тасдиқлаган ва яна саккиз киши жароҳатлар билан касалхонага ётқизилганини айтган.
Ярадорлар орасида 25 ва 52 ёшли икки нафар аёл ҳамда 23 ёшдан 76 ёшгача бўлган олти нафар эркак бор, — деди полиция.
Полициянинг қўшимча қилишича, Харьков шимоли-ғарбий чеккасидаги Малая Даниловка қишлоғида содир этилган алоҳида ҳужумда қурбонлар йўқ. Ҳужум Украина ҳарбий-ҳаво кучлари мамлакат бўйлаб бир неча гуруҳ рус дронлари ҳақида хабар берганидан кейин содир бўлган.
BBC ва Deutsche Welle нашрлари эълон қилган сўнгги ҳисоботларга кўра, Россия-Украина уруши бошлангандан бери 2 йил давомида 50 000 нафар россиялик, 31 000 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)