Туркия Тожикистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилди. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг қарорида айтилган. Ҳужжат президентнинг расмий нашрида эълон қилинди.
“Тожикистоннинг чет эл паспортига эга бўлган фуқаролари учун Туркияга саёҳат қилишда визасиз режимни бекор қилишга қарор қилинди”, — дейилади ҳужжатда.
Мазкур чора “Чет элликлар ва халқаро ҳимоя тўғрисида”ги қонун асосида қабул қилинган. Қарор эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.
Тожикистон фуқаролари 2018 йилдан буён Туркияда 90 кунгача визасиз юришлари мумкин эди.
22 март куни Москва вилоятидаги Crocus City Hall’да юз берган терактдан сўнг Туркия ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган ИШИД тарафдорларига қарши рейдлар ўтказди.
Hürriyet газетасининг ёзишича, қўлга олинганлар орасида 37 ёшли Тожикистон фуқароси Фазилжон А. ҳам бўлиб, у 41 ёшли Қирғизистон фуқароси Зулфия С. билан Туркияда ҳужум уюштиришга тайёрланган. “Абу Исмоил” шартли номи остидаги тожикистонлик эркак ҳужум ижросини таъминлаши, қирғизистонлик аёл эса унга ёрдам кўрсатиши керак бўлган. Нашр маълумотларга кўра, уларнинг иккиси ҳам узоқ вақтдан бери ИШИД аъзоси ҳисобланади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.
Изоҳ (0)