Россиянинг Ростов вилояти Морозовск шаҳридаги аэродромга 4 апрелдан 5 апрелга ўтар кечаси дронлар ҳужум қилди. Бу ҳақда Украина расмийларига таяниб, “24Kанал” хабар берди.
Махсус операцияни Украина хавфсизлик хизмати ҳарбийлар билан биргаликда ўтказган. Натижада камида олтита самолёт йўқ қилинган.
“Бу рус ҳарбийларининг жанговар салоҳиятини сезиларли даражада камайтирадиган муҳим махсус операция”, — дейди манба.
Таъкидланишича, Украина хавфизлик хизмати ҳарбийлар ва мудофаа кучлари билан биргаликда Су-24М ва Су-34 бомбардимончи самолётлари жойлашган Россия аэродромига ҳужум уюштирган.
“Айнан шу самолётлардан Украина жангчиларига ва фронтдаги шаҳарларга бомбалар ташланган”, — дейилади хабарда.
Қўшма махсус операция натижасида камида олтита жанговар самолёт йўқ қилинган, яна саккизтаси жиддий зарар кўрган.
Аэродромда қандай самолётлар бўлган эди?
Таҳлилчининг таъкидлашича, русларнинг 30 га яқин самолёти тунда дронлар ҳужумига учраган Морозовск аэродромида бўлиши мумкин.
- 26 та Су-34;
- учта Су-30/35 авиатехникаси.
Эслатиб ўтамиз, 5 апрелга ўтар кечаси Морозовск (Россия) аэродромига дронлар ҳужум қилган, маҳаллий аҳоли 60 дан ортиқ портлаш овозини эшитган. Ростов вилояти губернатори Василий Голубевнинг сўзларига кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими 40 дан ортиқ нишонни йўқ қилган. Электр станцияси ҳам шикастланган.
Изоҳ (0)