Жиззах ва Андижон вилоятларида кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбарлари аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Ғаллаорол туман бўлим томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “С.Э.” МЧЖ раҳбари З.Э. ва бошқалар ушбу МЧЖ ва якка тартибдаги тадбиркорлар Д.Н. ҳамда Р.Э.га ажратилган жами 1,8 миллиард сўм кредит маблағлари эвазига харид қилинган автомобиль эҳтиёт қисмлари сотувидан тушган пулларни кредит қарздорлигини сўндиришга йўналтирмасдан, кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Шу каби, департаментнинг Қўрғонтепа туман бўлим томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “О.В.” МЧЖ раҳбари У.М. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, МЧЖга тижорат банки филиалидан ажратилган имтиёзли кредит маблағлари эвазига “А.И.” МЧЖдан шартномада кўрсатилган автомактаб ташкил қилиш учун жиҳозларни олиб келингани ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, 650 миллион сўм кредит маблағларини ўзлаштириб олгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда хусусий боғча қуриш учун ажратилган 356 млн сўм кредит маблағлари талон-торож қилингани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида фермер хўжалиги 3,1 млрд сўм имтиёзли кредит маблағини ўзлаштиргани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)