Россия президенти Владимир Путиннинг университетдаги курсдоши Россия Олий суди раислигига номзод сифатида кўрсатилди. Бу ҳақда The Moscow Times нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, воқеа ҳақида дастлаб “Рапси” ҳуқуқий ахборот агентлиги 1 апрель куни маълум қилган.
Россия Олий суди раисининг ўринбосари Ирина Подносова ва Владимир Путин Ленинград давлат университетида ҳуқуқ факультетида таҳсил олишган. Иккаласи ҳам 1975 йилда уни тамомлаган.
Манбага кўра, суднинг малака ҳайъати бир овоздан Подносовани Россия федерал суд тизимининг энг юқори лавозимли ходими бўлган бош судья лавозимига тавсия қилган. Ҳозирда номзод учун жиддий тўсиқ йўқ.
Подносова Путин унинг номзодини юқори палата Федерация кенгашига овоз бериш учун тақдим этганидан сўнг ўз вазифасини бажаришга киришиши кутилмоқда.
Олий суднинг бундан олдинги раиси Вячеслав Лебедев 1991 йилдан бери вазифасини бажариб келаётган эди. Февраль ойи охирида у 80 ёшида вафот этгани хабар қилинган эди.
Олий суднинг иқтисодий низолар бўйича судлов ҳайъатини бошқарадиган Подносова 2020 йил июль ойидан буён судья ўринбосари лавозимида ишлаб келаётгани айтилади. Кремль унинг номзодини Россияда гендер тенгсизлик йўқлигини кўрсатувчи далолат сифатида баҳолаган.
Маълумот ўрнида, ўтган ойда Киев расмийлари Подносовани Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужумини қўллаб-қувватлаганликда айблаб, санкциялар рўйхатига қўшган эди.
Изоҳ (0)