Қўқон шаҳрида яшовчи шахс чет элда ишлаб чиқарилган жуда кўп миқдордаги дори воситаларини сотиш мақсадида Тошкентга олиб кетаётган вақтда қўлга тушди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.
Тезкор тадбир давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 25 турдаги 392 миллион сўмдан зиёд тиббий дори воситалари далилий ашё сифатида олинган.
Қайд этилишича, қўқонлик А.А. таниши Ф.М.дан чет элда ишлаб чиқарилган жуда кўп миқдордаги тиббий дори воситаларини олиб, ўз хонадонида сақлаб келган.
ДХХ ва Фарғона вилояти божхонаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда М.Ж. бошқарувидаги юк автомашинаси Данғара тумани “Чағали” қишлоғи ҳудудидан ўтган Қўқон—Тошкент автомобиль йўли бўйлаб пойтахт томон кетаётган вақтда тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Мазкур юк автомашинасида А.А.га тегишли, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 10 минг дона “Метрогил 100 мл” номли дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган. Шундан сўнг тадбир давомида унинг уйида сақланаётган хорижда ишлаб чиқарилаётган дорилар фош этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Далилий ашё сифатида олинган 23 турдаги дори воситалари давлат реестрида рўйхатга олинмагани, мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмагани ҳамда сақлаш шароитига амал қилинмагани маълум бўлган. Шунингдек, дориларни Ўзбекистон ҳудудида сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқлангани бўйича хулоса берилган.
Жиноят ишлари бўйича Данғара туман суди томонидан А.А. 6 йил-у 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилиб, суд залидан қамоққа олинган.
Февраль охирларида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)