Қирғизистон россиялик тадбиркор ва Cаpital Group компанияси эгаси Павел Владимирович Тёни уюшган жиноий гуруҳни молиялаштиргани учун қидирувга берди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, Tazabek.kg хабар берди.
“Биродарлар доираси” халқаро жиноий гуруҳи таркибига кирувчи “Қамчи Асанбек” уюшган жиноий гуруҳи фаолиятини молиялаштиришни Россиянинг йирик тадбиркорларидан бири Павел Владимирович Тё ташкил этган.
Павел Қирғизистон ҳудудида ҳомийлик олиш ва биргаликда бизнес юритиш мақсадида жиноят вакиллари, хусусан, “қонундаги ўғри” Асанбек ва қидирувда бўлган Азим Рой (Асанбекнинг “чўқинтирган отаси” сифатида танилган) билан алоқа ўрнатган. Павел Асанбекнинг жиноий статусини билиб, унинг Қирғизистон ҳудудидаги кўчмас мулкини қуришда моддий ёрдам кўрсатган.
Таъкидланишича, Павелга нисбатан Бишкек шаҳар Октябрь туман суди қарори билан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган ва суд органининг қарори билан у қидирувга берилган. Ҳозирда уни халқаро, жумладан, МДҲ давлатларида қидирувга бериш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Изоҳ (0)