Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Каромиддин Гадоев бугун, 20 март куни Малайзия подшоҳи Султон Иброҳимга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Келтирилишича, “Истана Негара” саройида бўлиб ўтган маросимдан сўнг кечган мулоқот давомида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Малайзия подшоҳи Ўзбекистон президентига ҳурмат ва тилакларини билдирди. Ўзбекистон халқига файз-у барака, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва фаровонлик тилади.
Қайд этилишича, Малайзияда Ўзбекистон ишончли қардош давлат сифатида кўрилиши ҳамда республика билан бугунги илиқ ва дўстона муносабатлар юксак қадрланиши билдирилди. Икки мамлакатни тарихий ришталар, муштарак дин, маънавий қадриятлар боғлаб туриши таъкидланди. Сўнгги йилларда олий ва юқори даражадаги мулоқот жадаллашиб бораётгани ижобий баҳоланди. Келгусида икки томонлама муносабатларнинг барча соҳаларда янада кенгайишига умид билдирилди.
Суҳбат якунида Малайзия подшоҳи Ўзбекистон элчисига икки томонлама муносабатларни янада юксалтириш йўлидаги ишларига муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Каромидин Гадоев 30 ноябрь куни Куала-Лумпурга ташриф буюрди. Бунга қадар у ТИВнинг БМТ ва бошқа халқаро сиёсий ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Изоҳ (0)