Латвия Европа Иттифоқининг электрон алоқалар соҳасидаги директивасига риоя қилмагани учун Еврокомиссияга 300 минг евро миқдорида жарима тўлаши керак бўлади. Бу ҳақда тегишли манбаларга таяниб, Delfi хабар берди.
Маълум бўлишича, Европа Комиссияси 2022 йил 8 июлда Латвияга Европа Иттифоқининг фаолияти тўғрисидаги шартномага риоя қилмагани учун даъво аризаси билан чиққан. Латвия Европа Электрон алоқа кодексини ўрнатувчи директиванинг 124 (1)-моддасини амалга ошириш учун зарур бўлган барча қоидалар ва маъмурий ҳужжатларни қабул қилмаган ёки Европа Иттифоқини бундай қоидаларнинг қабул қилинганлиги ҳақида хабардор қилмаган.
ЕИнинг фаолияти тўғрисидаги шартноманинг 288-моддасига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатлари директивани белгиланган муддат ичида миллий қонунчиликка ўтказиш қоидаларини қабул қилиши ва Европа комиссиясига ушбу қоидалар қабул қилинганлиги тўғрисида зудлик билан хабар бериши керак бўлган.
Директиванинг мақсади барқарор рақобатни, электрон алоқа хизматларининг ўзаро ишлашини, фойдаланиш имкониятини, тармоқлар ва хизматлар хавфсизлигини ва якуний фойдаланувчиларга фойда келтирадиган электрон алоқа тармоқлари ва хизматлари учун ички бозорни яратишдир. Директива, шунингдек, Европа Иттифоқи бўйлаб юқори сифатли, арзон ва ҳамма учун очиқ хизматларни тақдим этишга қаратилган.
Изоҳ (0)