Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов Россия ва Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.
Олжас Бектенов март ойида икки давлат ҳукумат раҳбарлари билан учрашади, ташрифнинг аниқ санаси маълум қилинмаган.
У россиялик ҳамкасби билан савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, Қозоғистон ва Россия президентлари эришган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилади.
Ўзбекистон бош вазири билан эса савдо ва сармоявий ҳамкорликни, жумладан, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилиш режалаштирилган. Бу Бектеновнинг Қозоғистон бош вазири лавозимидаги хорижга илк иш сафарлари бўлади.
6 февраль куни Қозоғистон республикаси президенти администрацияси раҳбари бўлган Олжас Бектенов бош вазир этиб тайинланди. Унинг номзодини “Amanat” партияси таклиф қилган, республика президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам уни қўллаб-қувватлаган.
Шу тариқа Бектенов ушбу лавозимда 2022 йил январидан Вазирлар маҳкамасини бошқариб келган Алихон Смоилов ўрнини эгаллади. Янги бош вазир маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга эътибор қаратишини таъкидлади. У ҳукумат сунъий интеллект ва янги технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш ниятида эканини ҳам маълум қилган эди.
Изоҳ (0)