Қозоғистон республикаси президенти администрацияси раҳбари Олжас Бектенов бош вазир этиб тайинланди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
Унинг номзодини “Amanat” партияси таклиф қилган, республика президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам уни қўллаб-қувватлаган. Қозоғистон Халқ партияси ва Социал-демократлар Бектенов учун овоз беришда бетараф қолган. “Ак жол” эса қўллаб-қувватлаган. Бектеновнинг номзодини 69 нафар депутат маъқуллаган, 7 нафари бетараф қолган.
“Олжас Абаевич Бектенов Қозоғистон республикаси бош вазири этиб тайинлансин, у илгари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинсин”, — дейилади фармонда.
Бектенов ушбу лавозимда 2022 йил январидан Вазирлар маҳкамасини бошқариб келган Алихон Смоилов ўрнини эгаллади.
“Номзодимни қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур, давлатимиз раҳбари мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш йўналишида аниқ топшириқлар берди, улар амалга оширилади. Бунинг учун янги иқтисодий импулс бериш, ҳақиқатдан ҳам тезкор ва қатъий чоралар кўриш зарур. Асосий эътибор саноат, нефть ва бошқа муҳим тармоқларга қаратилади”, — деди Бектенов парламент мажлисида.
Янги бош вазир маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга эътибор қаратишини таъкидлади.
“Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар улушини ошириш зарур, биз офтейк-шартномалар тизимини тўлиқ йўлга қўямиз. Асосий вазифамиз — маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлаш. Қишлоқ хўжалиги салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳим. Шунингдек, сув ресурслари, энергия тежамкорлиги, транспорт-логистика тармоғи бўйича самарали ишлаймиз”, — дея қўшимча қилди у.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат сунъий интеллект ва янги технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш ниятида.
“Қонун устуворлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ва аҳолини ўйлантираётган бошқа масалалар ҳамиша ҳукумат эътиборида бўлади. Ҳукумат мамлакатимиз манфаати йўлида ишлайди”, — деди Бектенов.
Изоҳ (0)