Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни 70 ёшга тўлгани билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 26 февраль куни давлат раҳбари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Ўзбекистон президенти Туркия етакчисини туғилган куни билан табриклаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, биродар турк халқи ва давлатининг равнақи йўлидаги масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади.
Замонавий Туркия барпо этилишида, глобал майдондаги нуфузи юксалишида, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларидаги бугунги юқори даражага эришилишида Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ўрни ва ҳиссаси алоҳида қайд этилди. Барча даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик суръати ошиб бораётгани катта мамнуният билан таъкидланди.
Давлат раҳбарлари олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини пухта тайёрлаш масалаларига алоҳида ҳам эътибор қаратди. Шу муносабат билан Ўзбекистон-Туркия ҳукуматлараро комиссияси доирасида олиб борилаётган ишларни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Президентлар минтақавий, шу жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Изоҳ (0)