Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Унда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев иштирок этди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сессияда Зоир Мирзаев Оҳангарон шаҳар ҳокими лавозимига Музаффар Ражаббоев номзодини тавсия қилган. Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгашининг қарори билан у Оҳангарон шаҳар ҳокими этиб тайинланган.
Музаффар Ражаббоев 1984 йилда Паркент туманида туғилган. Маълумоти – олий. 2007 йил Тошкент ирригация ва мелиорация институти, 2014 йил Ўзбекистон президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси, 2019 йилда Хитой халқаро бизнес ва иқтисодиёт университетида магистратурани тамомлаган.
У Қибрай тумани ИИБ Ёнғин хавфсизлиги хизматида меҳнат фаолиятини бошлаган. Шунингдек, Юқори Чирчиқ, Паркент тумани ҳокимликларида масъул вазифаларда ишлаган.
Тайинловга қадар у Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
2020 йил июндан буён Оҳангарон шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган Акром Эшонқулов февраль бошларида лавозимдан кетганини маълум қилганди. Орадан бир кун ўтиб, Оҳангарон шаҳри ҳокими вазифасини вақтинча бажариш шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Алишер Каримжановга юкланган эди.
Изоҳ (0)