Фарғонада қарийб 400 млн сўмлик 28 та iPhone 15 ноқонуний олиб кирилишининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор тадбир давомида Водил—Марғилон йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро бошқарувидаги Lacetti автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Натижада автотранспорт воситаси салонида божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 394 млн сўмлик 3 турдаги жами 28 дона iPhone 15 русумли уяли алоқа воситалари яширилганлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида вақтинча сақловга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)