25 февраль куни эрта тонгда Россия армияси ўрта масофали ракеталар ва ҳарбий дронлар билан Украина ҳудудига ҳужумлар ташкил этди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, Донецкнинг шарқий минтақасидаги Костиантинивка шаҳрида интенсив ҳужумлар кузатилган. Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинган. Турар жой бинолари ва таълим муассасаларига жиддий шикаст етган.
Донецк вилояти ҳарбий бошқармаси берган маълумотга кўра, 25 февраль куни Россия кучлари Покровск, Краматорск ва Бахмут туманларини ўққа тутган. 81 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари ҳудудлардан эвакуация қилинган.
Маълумотларга қараганда, марказий Киев вилояти ҳам дронлар томонидан нишонга олинган. Аммо мудофаа кучлари бу ҳужумларни муваффақиятли қайтара олган. Турар жой ва муҳим инфратузилма объектларига жиддий шикаст етмаган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Россиянинг сўнгги ҳужумига муносабат билдирган Украина ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги Россия томонидан Киев, Полтава, Хмелницкий, Николаев, Кировоград, Днепропетровск, Запорожье ва Херсон вилоятлари томон учирилган Эронда ишлаб чиқарилган 16 та ҳужумкор дронлар йўқ қилинганини маълум қилган.
Изоҳ (0)