Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда давлат раҳбари Андижондаги санъат мактабига Шерали Жўраев номини беришни таклиф қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги муносабати билан бутун халқни адабиёт ва илм-маърифат байрами билан чин дилдан табриклади.
Бобур ва унинг аждодлари хотирасига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида Андижон шаҳрида Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида жуда кенг кўламли қурилиш ишлари режалаштирилгани маълум қилинди. Бўлажак мажмуа ҳар жиҳатдан муҳташам, бетакрор мазмун ва шаклга эга бўлиши, Бобур ва бобурийлар сулоласининг оламшумул шон-шуҳратига тўла муносиб бўлиши кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, президент ўзбек қўшиқчилик санъати ривожида ўчмас из қолдирган Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, Алишер Навоий мукофоти совриндори, машҳур ҳофиз Шерали Жўраев номини барча алоҳида ҳурмат билан эсга олишимизни таъкидлади. Давлат раҳбари Андижон шаҳридаги санъат мактабига Шерали Жўраев номини бериш таклифини илгари сурди.
Бу мактаб Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, грант асосида замонавий кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Янги ўқув ва турар жой биноси, зарур инфратузилма объектлари барпо этилади, шунингдек, Шерали Жўраев бюсти ўрнатилади.
Йиғилишда вилоят ҳокими, комплекс ва тармоқлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Изоҳ (0)