Украина президенти Владимир Зеленский марихуанани қонунийлаштириш ҳақидаги ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда Украина парламенти сайтида маълумот пайдо бўлган.
“Онкологик ва уруш натижасида юзага келган посттравматик стресс касалликларини даволаш воситаларини кенг қўллаш учун шарт-шароит яратиш мақсадида каноп ўсимликларидан тиббиёт, ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланишни тартибга солиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси президент томонидан имзоланди”, — дейилади ҳужжатда.
2023 йил декабрь ойида Олий Рада тиббий нашани қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилганди. Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач кучга киради.
Бугунги кунда 30 дан ортиқ давлатда тиббий ва саноат мақсадларида каноп ўсимлигидан фойдаланиш қонунийлаштирилган.
Марихуана бу — каноп ўсимлиги баргларининг майдаланган аралашмаси. Каноп баргларининг асосий психоактив компоненти тетрагидроканнабинол ҳисобланади. Тиббиётда қўлланиладиган психоактив бўлмаган модда эса каннабидиол деб аталади.
Изоҳ (0)