Исроил ҳарбийлари ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар рафиқаси ва болалари билан Ғазо секторидаги туннелда яшаганини даъво қилди. Бу ҳақда Bild хабар берди.
Хабарга кўра, Яҳё Синвар оиласи ва ҲАМАС жангчилари билан бирга Хон Юнис шаҳри остидаги туннелда яшаган. Исроил армияси бунга “далил” бўлувчи туннелдан олинган кадрлар билан бўлишган. Видео 10 октябрь куни ҲАМАС туннелларидан биридаги кузатув камераси томонидан ёзиб олинган.
Синварнинг ҳозирда қаердалиги номаълум. Агар видео ҳақиқий бўлса, бу унинг уруш бошланганидан бери илк тасвирлари бўлади.
Исроил армияси эълон қилган яна бир видеода Синвар “яшаган” хона, Исроил ва Америка валютасидаги банкноталар солинган сейф кўрсатилган.
“Шунингдек, ерости мажмуасида ҳожатхона ва душ хоналари, озиқ-овқат захиралари узоқ вақт сақланадиган ошхона, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар билан жиҳозланган тансоқчилар учун хона ҳам топилган”, — дея даъво қилган Исроил армияси.
Изоҳ (0)