Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг йирик электр тармоқлари оператори — Enel компанияси вакиллари билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Қайд этилишича, Enel мутахассисларига Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги “яшил” энергетикага ўтиш, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш борасидаги ютуқлари ҳамда мамлакат олдида турган электр тақсимлаш инфратузилмасини модернизация қилиш вазифалари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Италия томони, хусусан Enel’нинг ихтисослашган Gridspertise шўба корхонаси раҳбари Роберт Денда ушбу жараёнларда рақамлаштириш ускуналарини ўрнатиш ва тегишли бошқарув технологияларини қўллаш жуда катта аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Бўлиб ўтган музокаралар натижасида Италия компанияларининг Ўзбекистондаги энергетика лойиҳаларида фаол қатнашиши учун амалий чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.
1962 йилда ташкил этилган Enel компанияси дунёдаги электр энергияси ва газни тақсимлаш тармоқларида бошқарувчи ҳамда хизмат кўрсатувчи энг йирик компаниялар ўнталигига киради. У дунёнинг 30 та мамлакатида фаолият юритади. Корхонанинг йиллик айланмаси 8,6 миллиард еврога тенг. Бугунги кунда компания ўзининг 59 ГВт қувватли қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш иншоотлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди.
Изоҳ (0)