Шавкат Мирзиёев Шэньчжэнь шаҳридаги тадбирлар доирасида Ипак йўли фонди раиси ҳамда Sany ва CSG компаниялари директорлар кенгаши раислари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ипак йўли фонди раиси Чжу Сзюн билан учрашувда саноат кооперацияси ва инфратузилмани ривожлантиришни молиявий қўллаб-қувватлаш учун фонд билан биргаликда яратилган инвестиция платформаси имкониятларини фаол ишга солиш орқали истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги режалар кўриб чиқилди.
Фонд 2014 йилда Хитой раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
Санй компанияси шамол турбиналарини ишлаб чиқарувчи дунёнинг етакчи 10 та компания қаторига киради. Шамол энергетикаси қурилмаларини ишлаб чиқариш ва сотишга, шамол электр станцияларини лойиҳалаштириш, қуриш, ишлатиш ва бошқаришга ихтисослашган.
Шавкат Мирзиёев компания директорлар кенгаши раиси Сян Венбо билан учрашувда ушбу компаниянинг Қорақалпоғистонда шамол электр станциясини барпо этиш, шамол турбиналарининг бутловчи қисмларини, қурилиш ва оғир юк техникасини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш режаларини қўллаб-қувватлади.
Давлат раҳбари мутасаддиларга эришилган келишувлар амалга оширилишини жадаллаштириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилишга топшириқ берди.
Навбатдаги учрашув CSG компанияси директорлар кенгаши раиси Мен Чженпин билан бўлди.
Хитойнинг электр тармоқлари соҳасидаги етакчи компаниялардан бири CSG тармоқларни қуриш ва бошқаришга ихтисослашган. Компаниянинг бозор капиталлашуви 60 миллиард долларни ташкил этади.
Учрашувда истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Хитой компанияси иштирокида лойиҳалаштириш ва инжиниринг бўйича замонавий тизимларни, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва энергия тармоқларида йўқотишларни камайтириш бўйича юксак стандартларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Изоҳ (0)