Самарқанд вилояти Нуробод туманида фермер хўжалиги ер майдонининг ноқонуний сотилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Нуробод туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда “Ҳ.” фермер хўжалиги раҳбари Л.Х. ва ҳисобчиси М.Б. (муқаддам судланган) фуқаро Ш.Ж.нинг ишончига кириб, унга 70 минг доллар эвазига фермер хўжалигининг 3 гектар ер майдонини сотишларини айтиб, олдиндан 35 минг долларни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
- Аввалроқ Сирдарёда беш гектар ер майдонини 40 минг АҚШ долларига сотишга уринган опа-ука қўлга олинган эди.
- Апрель бошларида эса Навоийда 80 гектар ерни 1 миллиард сўмга сотишга уринган шахслар қўлга олингани,
- Самарқанд ва Фарғонада ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
- Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилганди.
Изоҳ (0)