Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров университет ҳудудида талабалар учун ташкил этилган дискотекани танқид қилди.
Ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаларининг дискотека уюштирилгани тасвирланган видеолар тарқалди.
“Дискотека ўтказиладиган жой бор! Бу жой қанча умидлар билан ўзбек тили ва адабиёти ҳимоячиларини тайёрлашни мақсад қилган университет эмас! Бундай тўда базмнинг Навоий ҳайкали пойида ўтказилиши — маънавий жиноят эканлигига шубҳа йўқ, амалдаги қонунчиликка кўра маъмурий ҳуқуқбузарликдир”, — деб ёзади депутат.
Шунингдек, Алишер Қодиров бу иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64-моддасига (Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 1-қўшимча билан жаримага тортилиши, жариманинг арзимас эканлиги ўз йўлига, жамоатчиликнинг муносабати ҳал қилувчи масала эканини таъкидлаган.
“Биз Навоийни тушунмаяпмиз, деб қайғураётган бир вақтда, аслида, биз Навоийни мазах қилиш даражасида манқуртлашиб кетибмизми?” — дейди депутат.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган мажлисида “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ўқитувчиларга ажратилаётган бюджет маблағларининг самарадорлиги паст бўлаётганини айтиб ўтганди.
Изоҳ (0)