Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги ходимлари Туризм ва спорт вазирлигининг мансабдор шахсини ўта йирик миқдорда маблағларни ўзлаштирганликда айблаб қўлга олди. Бу ҳақда назорат органи матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ терма жамоа вакиллари уларга ажратилган экипировкаларнинг сифати пастлигидан шикоят қилиб, уни бир марталик деб аташганди.
“Молиявий мониторинг агентлигининг пойтахт бошқармаси томонидан Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Спортни ривожлантириш дирексияси мансабдор шахсларига нисбатан ўта йирик миқдордаги маблағларни ўғирлаганлик учун судга қадар тергов ҳаракатлари бошланди. 2022 йилда Қозоғистон терма жамоасининг Осиё ўйинларида иштирок этиши учун Хитойда ишлаб чиқарилган жуда паст сифатдаги кроссовкалар ва рюкзаклар сотиб олинган. Улар ўз нархидан 3 баравар қимматга харид қилинган”, — дейилади матнда.
Матбуот хизматининг таъкидлашича, етказиб берувчи ушбу товарлар Қозоғистонда ишлаб чиқарилгани ҳақидаги сохта ҳужжатларни ҳам тақдим этган. Натижада давлатга 383 миллион тенге (856 минг доллар) миқдорида зарар етган.
Изоҳ (0)