Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев франциялик ҳамкасби Эммануэль Макронга иккита този ит совға қилди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.
“Қозоғистон президентининг таклифига биноан 2023 йилнинг ноябрь ойида Остонага ташриф буюрган Франция етакчиси Эммануэл Макрон ‘Этноаул’ кўргазмасини кўздан кечирган. Кўргазма давомида у қозоқ халқининг бой маданий мероси билан танишган. Франция президентига айниқса, този зотлари ёққан. Ўшанда Қосим-Жўмарт Тўқаев француз ҳамкасбига итлар совға қилишни ваъда берган”, — дейилади хабарда.
Шундан кейин Парижга беш ойлик иккита този зотли итлар юборилган.
“Уй ҳайвонлари ветеринария шифокорлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, вақтинча карантинга жойлаштирилган. Шунингдек, Франция томонига тозиларни парвариш қилиш, озиқлантириш бўйича тавсиялар берилган”, — дейилади хабарда.
ОАВ хабарларига кўра, итларга Жюль ва Жанна лақаблари берилган. Този ёки қозоқ тозиси чўл ҳудудларида ов қилиш учун мўлжалланган, чидамли ва узоқ чопишга қодир.
Изоҳ (0)