Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг ҳайкали Қозоғистон Миллий музейидан олиб ташланди. Бу ҳақда Orda.kz хабар берди.
“2014 йилдан бери янгиланмаган “Мустақил Қозоғистон” залини реекспозиция қилиш ишлари бошланди. Бу ерда жорий тарихий даврнинг муҳим воқеалари тўлиқ ёритилади. Ёдгорликка келсак, ушбу экспонат музей мулки ҳисобланади ва зал концепциясидаги ўзгаришлар туфайли музей фондида сақлаб қолинади”, — дейилади музей хабарида.
Бундан ташқари, музейнинг 10 йиллигини нишонлаш доирасида Маданият вазири топшириғига кўра маҳаллий ва хорижлик мутахассисларни жалб этган ҳолда музей маконини ободонлаштириш жараёни бошланганини таъкидладилар.
“Жаҳон музей амалиётига кўра, ҳар бир музей ўз кўргазма залларининг концептуал мазмуни ва бадиий-стилистик дизайнини вақти-вақти билан янгилаб туриши шарт. Ушбу амалиётни қўллаган Миллий музей атриумни ўзгартиришни бошлади, унинг асосий вазифаси функционалликни таъминлашдир”, — дейилади хабарда.
Музейга экскурсиялар айнан Нурсултон Назарбоев ҳайкали олиб ташланган атриумдан бошланади. Бу ерда Миллий музей, унинг фонд коллекциялари ва кўргазма заллари ҳақида ҳам таништирувчи маълумотлар беради.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи бошида Остонадаги Миллий мудофаа университетидан Нурсултон Назарбоев ҳайкали олиб ташланган эди. Кейинчалик унинг портрети Олмаотадаги Олмали метро бекатидан демонтаж қилинди.
Изоҳ (0)