Украина ҳукумати АҚШ президенти маъмуриятига Украина президенти Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни ишдан бўшатиш ниятида эканини маълум қилган, деб ёзади Тhе Washington Post манбаларига таяниб.
Нашрга кўра, Оқ уй вакиллари бу қарорни қўллаб-қувватламаган, бироқ Валерий Залужнийнинг истеъфога чиқишига эътироз билдирмаган ва бу Зеленскийнинг суверен танлови эканини таъкидлаган.
Вашингтоннинг олдиндан огоҳлантириши Оқ уйга Украина расмийларидан ўз қарорини қайта кўриб чиқишни сўраш имкониятини берган.
Украина президенти Зеленский Залужнийнинг истеъфога чиқиши ҳақидаги фармонни ҳали имзолагани йўқ. CNN аввалроқ Залужний шу ҳафта охиригача, яъни 4 февралгача ишдан олиниши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.
Залужнийнинг истеъфоси ҳақидаги миш-мишлар
Украина ва жаҳон оммавий ахборот воситалари Украина Қуролли кучлари бош қўмондони истеъфога чиқиши ҳақида 29 январь куни Украина президенти Валерий Залужний билан учрашганидан бери гапирмоқда. Ушбу учрашувда, турли нашрлар манбаларига кўра, Зеленский бош қўмондонни ишдан бўшатишини айтган. Суҳбатдан сўнг Тhе Тimes манбаларининг айтишича, халқаро ҳамкорлар, шу жумладан АҚШ ва Буюк Британия “ўз хавотирларини билдиришган”. Украина президентининг офиси ва Мудофаа вазирлиги Залужний ишдан бўшатилишини расман рад этди.
Изоҳ (0)