Ҳарбий хизмат ва олий таълим муассасасидаги ўқиш даврлари пенсия ҳисоблашда иш стажига қўшилади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси эслатиб ўтди.
Маълум қилинишича, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 37-модда “б” ва “э” бандларида пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қуйидагилар қўшиб ҳисобланади:
- ҳарбий хизмат (сафарбарлик чақириғи резервидаги ҳарбий хизмат) ва партизанлар отрядлари ва қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларидаги ва ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардиядаги хизмат;
- олий таълим ташкилотларида, аспирантурада, докторантурада, клиник ординатурада ҳамда чет элда ўқиш.
“Ушбу даврлар фуқароларда минимал талаб этилган камида 7 йил умумий иш стажи мавжуд бўлгандагина қўшиб ҳисобланади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, армияда ва институтда таълим олинган йиллар иш стажига ҳисобланади”, — дея маълум қилди жамғарма.
Аввалроқ пенсияни ҳисоблашда нималар инобатга олиниши тушунтирилганди. Қонунчиликка кўра, пенсия тайинлашда иш ҳақи ва иш стажи асосий аҳамиятга эга. Хусусан, иш ҳақини ҳисоблаш учун фуқаро меҳнат фаолиятини тўхтатган давригача бўлган охирги 10 йилликдан 5 йиллик ойлик маоши инобатга олинади.
Шунингдек, эркаклар 60 ёшга кириб, иш стажи 25 йил бўлганда, аёллар 55 ёшдан иш стажи 20 йилга етганда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Пенсия тайинланиши учун фуқаронинг ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган иш стажлари камида 7 йил бўлиши керак. Агар ундан кам бўлса, пенсия тайинлаш рад этилади.
Изоҳ (0)