Пенсия жамғармаси 2023 йилда республикада қанча фуқарога янги пенсиялар тайинланганини маълум қилди.
Жамғарма хабарига кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига мамлакатда пенсия олувчиларнинг умумий сони 3 миллион 930 минг 400 нафарга етган. Бу рақам Ўзбекистон аҳолисининг 10,7 фоизига тенг.
2023 йилда Пенсия жамғармаси ҳудудий туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 292 минг нафар фуқарога янги пенсиялар тайинланган. Шундан 241,2 минг киши ёшга доир пенсия, 32,2 минг киши ногиронлик пенсияси ва 18,6 минг оила боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ола бошлаган.
Аввалроқ давлат пенсияларининг барча турлари учун йилига 53,5 триллион сўм тўланаётгани, бу ойига ўртача 4,5 триллион сўмдан тўғри келиши очиқланганди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Пенсия жамғармасига давлат бюджетидан 16 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Бу миқдор 2023 йилдагидан бир триллион сўмга кўп. Прогнозларга қараганда, 2025 йилда жамғармага 19 триллион сўм, 2026 йилда 23 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
Изоҳ (0)