Самарқанд вилоятига Хитойнинг Yutong электробусларидан 100 дона олиб келинади. Президентнинг бу борадаги тегишли қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, Самарқанд шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида электробуслар харид қилиш ва зарур инфратузилмани яратиш лойиҳаси амалга оширилади.
Уч йиллик лойиҳанинг умумий қиймати 61,99 миллион долларни ташкил этади. ЕТТБ 18 йил муддатга, жумладан, уч йиллик имтиёзли даврга 49 миллион доллар миқдорида кредит ажратади.
Қолган маблағ Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўшилган қиймат солиғини қоплаш ва божхона имтиёзларини бериш орқали молиялаштирилади.
Шунингдек, “Самарқандйўловчитранс” Хитойнинг Yutong Bus Cо., Ltd компанияси билан 29,7 миллион долларга 100 та электробус ва 50 та қувватлантириш станцияси сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган.
Янги электробуслар тўғридан тўғри танланган оддий шаҳар автобус йўналишларига ялпи шартнома асосида етти йил муддатга ажратилади.
Қарор билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимларига Транспорт вазирлиги ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда электробуслар харид қилиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш топширилган. Улардан Нукус ва вилоят марказларида жамоат транспортида фойдаланиш кўзда тутилган.
Аввалроқ Навоийга Хитойдан 60 та автобус сотиб олиш бўйича Yutong компанияси вакиллари билан шартнома имзолангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)