Суриядаги жангларда қатнашаётган андижонлик йигитга қидирув эълон қилинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Азизбек Раҳимов 1995 йилда Андижон вилоятининг Асака туманида туғилган. У 2018 йил март ойида Қозоғистон орқали Россиянинг Оренбург шаҳрига мавсумий иш билан шуғулланиш мақсадида кетиб, шу ерда халқаро террористик ташкилот раҳнамоларининг таъсирига тушиши оқибатида мутаассибликка берилиб, яширин жамоатларда иштирок этган.
Азизбек Раҳимов 2018 йилнинг июнь ойида Туркия орқали Сурияга ўтган. У ердаги “Тавҳид вал жиҳод катибаси” жангарилари сафига қўшилган. Ҳозирда жангларда иштирок этмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган суриштирув-тезкор қидирув тадбирлари натижасида 2018 йилда Жиноят кодексининг 155-моддаси 1-қисми (терроризм), 244-моддаси (диний экстремизм, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
Изоҳ (0)