Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгашининг XII пленуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Пленумда ташкилий масала кўрилиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов ўз аризасига мувофиқ, Сиёсий кенгаш аъзоларининг очиқ овоз бериш йўли билан партия Сиёсий кенгаши раиси лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Робахон Маҳмудова партия Сиёсий кенгаши раиси лавозимига Сиёсий кенгаш аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан сайланди.
Робахон Анваровна Маҳмудова, 1958 йил Фарғонада туғилган. У меҳнат фаолиятини қуйи судлардан бошлаб, Олий суд судьясигача бўлган йўлни босиб ўтган, Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди раиси вазифасида ишлаган. 2020 йил январигача Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири лавозимида фаолият кўрсатган.
2020 йилнинг январида Фарғона вилоятидан сенатор этиб сайланган, кейинроқ Ўзбекистон Сенатининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимига сайланганди. 2020 йил март ойида “Фидокорона меҳнатлари учун” ордени билан тақдирланган.
У 2023 йилда “Адолат” социал-демократик партиясидан президентликка номзод сифатида сайловда иштирок этганди. Кеча, 19 январь куни Робахон Маҳмудова Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилгани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)