Сингапурнинг Wilmar International Limited компанияси Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи завод қуришни режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев корхона вакиллари билан онлайн мулоқот олиб бориб, лойиҳани амалга оширишга қаратилган меморандумни имзолаган. Лойиҳа қиймати 100 миллион долларни ташкил этиб, бўлажак корхонада ун, ўсимлик мойлари, таркибида оқсил миқдори юқори ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Завод қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари 2024 йилнинг биринчи ярмида якунланади. 2024−2025 йилларда лойиҳани амалга ошириш белгиланган.
Шунингдек, Wilmar маҳсулотларни Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатлар бозорига экспорт қилиш учун дистрибюторлик марказини яратади. Лойиҳа Сурум қишлоғида, темир йўл ва Тошкент ҳалқа йўлига туташган 30 гектар майдонда амалга оширилади. Келажакда корхона кенгайтирилиши мумкин.
Аввалроқ Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги раҳбари Мурод Мирзаевни лавозимидан озод этишга кўрсатма берилгани, Ўзбекистонга четдан каррасига қиммат нархда кираётган ускуналар бўйича назорат тизими йўлга қўйилиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)