Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарованинг айтишича, НАТОнинг Россия ва Белоруссия иттифоқи давлати чегаралари яқинида ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш “провокацион характерга эга” ва “Европа хавфсизлик архитектурасининг деградациясига” олиб келади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракатлар Россия Федерациясининг эътиборидан четда қолмайди.
Польшанинг мамлакатда қўшимча немис ҳарбий бўлинмаларини жойлаштириш ҳақидаги келишувини изоҳлар экан, Захарова буни “НАТО давлатларининг глобал русофобик йўналишининг Россияга қарши яна бир элементи” деб атади.
Унинг эслатишича, Польшада 10 мингга яқин америкалик аскар жойлашган. Шунингдек, мамлакат ҳудудида Буюк Британия, Руминия ва Хорватия ҳарбий хизматчиларидан иборат НАТО тактик гуруҳи мавжуд.
“Польша ҳудудига қўшимча хорижий қўшинларни жойлаштиришга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Бундай чақириқлар фақат Европадаги кескинлик даражасини оширишга қаратилган ҳаракат сифатида кўриб чиқилиши керак”, — деди Россия ТИВ вакили брифингда.
Шу ҳафта Польша Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари Анжей Шейна Польша ўз ҳудудига немис қўшинларини жойлаштиришга розилигини айтди. Унинг фикрича, “уруш Польшанинг шарқий чегараси яқинида давом этаётганда, иттифоқчиларнинг ҳар қандай ёрдами ва ҳамкорлиги мамнуният билан қабул қилинади”.
Изоҳ (0)